Хаёлингни бузиб кетсам ҳам,
Умидингни узиб кетсам ҳам,
Кутавериб, тўзиб кетсам ҳам,
Мен сени соғинсам майлими?!
Йиғламасдан, ўкинмай яна,
Бир сўз айтмай беун, бегина,
Бир чеккада ғариб, жимгина,
Мен сени соғинсам майлими?!
Дарё бўлиб, сойларга оқмай,
Қайрилмасдан, бир марта боқмай,
Ёқтирмасдан, ҳеч кимга ёқмай,
Мен сени соғинсам майлими?!
Соғинчларда бўлиб хазон, ҳас,
Баҳорларга қилмасдан ҳавас,
Ҳатто бир бор олмасдан нафас,
Мен сени соғинсам майлими?!
Оёғингга бошимни қўйиб,
Ҳаммасини меҳрга йўйиб,
Сўнгги бора бир марта тўйиб,
Мен сени соғинсам майлими