СЕВГИМ МОЗОРИ
Севгимни ўлдириб кўмган ўзинг-ку,
Ўзинг-ку устига қўйган совуқ тош.
Сўнг тубсиз ҳасратга чўмган ўзинг-ку,
Ўзинг-ку сўнг куйиб юм-юм тўккан ёш.
Севгим мозори дўнг, бир уюм тупроқ
Устини аёвсиз босиб турибди.
Сендан кўра унга яқин, маҳбуброқ
Ёнида тиконлар ўсиб турибди.
Шамол увлар, гўё бадбахт толега
Терс турган бир қалбнинг ўкинчи, зори.
Ишонмай умрнинг ёлғон фолига
Дўмпайиб турибди Севгим мозори.
Ҳаммаси тугади, аччиқ аламдин
Фойда йўқ, барибир ўлган тирилмас.
Умид қилма энди қудсий карамдин,
Бой берилган толе қайтиб берилмас!
1986 йил