* * *
Сенсиз яшамоққа етажак қурбим,
Яна осмонига қайтмоқда қадр.
Йўлинга тўшалган тошдайин эдим,
Энди боссанг жоним оғрир негадир.
Энди қалбда булоқ кўзи ёпилди,
Сен деган сўзлардан кўчиб кетди оҳ.
Афсус ўзга дилдор сенга топилди,
Менга ўзга меҳр бўлолди паноҳ.
Энди илтижолар тинди ноласи,
Тиз чўккан ғурурнинг тиззалари қон.
Фақат муҳаббатнинг етим боласи,
Ўзга эшикларда тиланади нон.
Дард берган оллохнинг шифоси ваъда,
Сабрнинг сўнгида ҳалвоси бисёр,
Фақат бу энг суйган дардим эдида,
Бундайин ширин дард энди қайда бор?!
Мен "олий" олганим, ҳаёт-имтиҳон,
Бардошим мураббий, топганим сабоқ.
Эй, қўлим етмаган пурвиқор осмон,
Сендан изим ўпган тупроқ яхшироқ!
Малика Тавфиқ