>>>Ҳали тонг келади тунларни отиб, Ўлимни кузатиб қўяй юртига. Бугунимга нима ёзгансан, Котиб, Кимнинг юрагига борай эртага? Йиллар ғалвирида қанча эландим, Босиб кетаверди қорлар изимни. Томирларимгача Ишққа уландим, Юрагимга сургун қилдим ўзимни. Ҳали еллар билан чопса бўлади, Узайтириш мумкин Бахтнинг умрини. Ҳаётнинг кўнглини топса бўлади, Кутиб ўтирмайман Вақтнинг амрини. Ажал ҳам зерикди, шекилли, роса, Энди чақирмасам, қайтиб келмайди. Милёнта дардимдан битта хулоса: Ўлиб кўрмай туриб яшаб бўлмайди.<<<