Кўнгил юртингизга кўнглим мусофир,
Зарурат,тасодиф ё қисмат зайли.
Балким юрагингиз саломат,соғдур,
Мусофир дуоси вожиб туфайли.
Қошларнинг остидан боқмайсиз қиё,
Мўлтираб қолади изларингиздан.
Беписанд қарайди унга кенг дунё,
Сурати сиғмаган кўзларингиздан.
Гуноҳкор битта у,ҳариталардан,
Аҳтариб-аҳтариб топган ери сиз!
Қайдан билардингиз сизнинг ватандан,
Ўзга ҳар гўшада эканин ёлғиз.
Кетарга чора йўқ, қоларга сабаб,
Умид оқаяпди томирларида,
Ҳар тун бир кечага бошпана сўраб,
Тақдирнинг тинмаган ёмғирларида.
Асло юзларига ёпманг эшикни,
Келса кошонангиз остонасига,
Найласин, абадий мусофирликни,
Ҳудойим ёзибмиш пешонасига.
Малика Тавфиқ