Ўлгунча майдонда тик турар арслон, Чиқинди кўпайса пашшага байрам. Номард сарқитига сақламайди жон, Эркак эгилмайди ожиз қолса хам. Туман тушганда хам бургут қилар ов, Бўрининг йўлига тулки бўлмас ғов. Шақолдек кўпайса атрофида ёв, Эркак эгилмайди ожиз қолса хам. Тўнғиз урғочисин қизғонмас даюс, Аёлига эркини беради беюз. Мардлик борасида очилганда сўз, Эркак эгилмайди ожиз қолса хам. Ўрмонга ўт кетса ёнар қуруқ, хўл, Қайта жонланар у ёқса ёмғир, дўл. Оз муддат пул кўрмай қолар бўлса қўл, Эркак эгилмайди ожиз қолса хам. Синовлар сим эмас найзадек ботар, Хар қаро тундан сўнг албат тонг отар. Изидан изиллаб юрса хам хатар, Эркак эгилмайди ожиз қолса хам.