Ўйлайвериб тунлари,
Гоҳ сиқилдим, оғриндим.
Дарё қалбим хунлари,
Волидамни соғиндим.
Кўзимда ёш шашқатор,
Дардга бўлдим гирифтор.
Ҳеч кимга бермас озор,
Волидамни соғиндим.
Энди дийдори рўё,
Боқади кўкдан гўё.
Меҳри бутун бир дунё,
Волидамни соғиндим.
Ҳар қисматда бор жудо,
Бу ишда ҳакам Худо.
Ғам чекиб бўлган адо,
Волидамни соғиндим.
Ўсган меҳр уйида,
Ғамгин ҳаёт йўлида.
Кир бўлмаган кўнглида.
Волидамни соғиндим.
Етимлик нонин еган,
Бизни асраб ўстирган.
Ортимда қолгин деган,
Волидамни соғиндим.
Кетдилар ғамдан нари,
Дард туйди қалбим қаъри.
Жаннат бўлсин жойлари,
Волидамни соғиндим.
Туйғу бўлмайди харид,
Тангрим, дардимни арит.
Мен ўша Муло Ғани,
Волидамни соғиндим.