Ўрганиб оламан унутмоқликни,
Кутма, кўзларимда кўролмайсан ёш.
Муштумдек юракнинг бўлмаларида,
Чиройли таҳланиб қўйилган бардош.
Ўйлама, меҳрингсиз музламайди тан,
Бундан ҳам баттари бўлиши мумкин.
Ситамлар кўксимни этканда ватан,
Ўламан...
Қайтадан тирилмоқ учун.
Кейин учрашамиз яна иккимиз,
Фақат аввалгидек бўлмайди бари.
Энди мен осмонлаб боравераман,
Сен энди ер бўлиб борганинг сари...
Жонинг деб жонимдан кеча олардим,
Босган тупроқнинг ҳам борми малоли?!
Йиғлаб яратгандан сўрайди қадрин,
Йўлингда ёлворган ҳислар уволи.
Мен сени унута оламан, ишон.
Юрак урмай қўйса бўлди сен учун.
Фақат...
Фақат бир ишора қилганинг ҳамон,
Ўзга дунёлардан қайтишим мумкин.